Тошкент шаҳри собиқ ҳокими Транспорт вазири ўринбосари бўлди

Тошкент шаҳри собиқ ҳокими, Юнусобод туманига раҳбарлик қилиб келаётган Раҳмонбек Усмонов лавозимидан озод этилди. У транспорт вазири ўринбосари этиб тайинланган.

Фото: Юнусобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Раҳмонбек Жаҳонгирович Усмонов Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг ўринбосари лавозимига тайинлансин», дейилади Шавкат Мирзиёевнинг 14 январь кунги қарорида.

Маълумотларга кўра, Раҳмонбек Усмонов транспорт вазири ўринбосари лавозимда 5 январь куни ишдан олинган Даврон Деҳқонов ўрнида иш бошлайди.

У 1960 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1982 йил Тошкент автомобил йўллари институтини тамомлаган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган. 2012–2018 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган. 2018 йил апрель ойидан 2018 йил октябрига қадар Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлган. У 2018 йил октябридан буён Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманига ҳокимлик қилиб келаётганди.

Аввалроқ Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимдан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Олий таълим вазири ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимларига номзодлар маъқуллангани маълум қилинган.

Янгиликлар