Ўзбекистонда инфляция даражаси икки йилда кескин пасайди

Ўзбекистонда 2021 йил якунига кўра инфляция даражаси 9,98 фоизни ташкил этди. Кўрсаткич 2020 йилда 11,1 фоизни ташкил этган бўлиб, икки йил ичида сезиларли даражада пасайди.

Таъкидланишича, 2021 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида инфляцион жараёнлар бошқа гуруҳларга қараганда юқорироқ бўлиб, 13,0 фоизни ташкил этган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва аҳолига пуллик хизматлар йил давомида мос равишда 7,8 фоиз ва 7,7 фоизга қимматлашган.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда инфляция даражаси 2017 йилдан бошлаб биринчи марта бир хонали рақамгача камайди. 2017 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 14,4 фоиз бўлган. 2018 ва 2019 йилларда кўрсаткич мос равишда 14,3 ва 15,2 фоизни ташкил этган. Бундан олдинги даврдаги статистик кўрсаткичларга шубҳа билан қаралади.

Президентнинг 2021 йил 20 августдаги тадбиркорлар билан мулоқотида ҳам инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизга, 2022–2023 йилларда 5 фоизга тушириш режалаштирилаётгани айтилганди.

«Умуман, инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз. Бу эса, табиий равишда кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради», — деган Шавкат Мирзиёев.

Янгиликлар