Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга мажбурий тест топшириш жорий этилди

Ўзбекистон аэропортларида 15 январдан бошлаб коронавирусга мажбурий тест топшириш жорий этилади.

Махсус комиссия қарорига кўра, мажбурий тест топшириш фақат Ўзбекистонга келганларга тегишли. COVID-19’га қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2022 йил 11 январдаги баённомасига асосан Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг аниқланган ҳолатлари кўпайиши ва «омикрон» штами қайд этилгани учун мамлакатда карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Хусусан, 15 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси Санитария-эпидемиология осойишталиги хизмати билан биргаликда Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларида экспресс-тест пунктларини ташкил этади. Келган барча фуқаролар коронавирус учун экспресс-тест топшириши керак. Тест синовидан ўтиш қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича сўм эквивалентида 5 АҚШ доллари миқдорида белгиланади. Талабалик гувоҳномаси бўлган талабаларга 50 фоиз чегирма берилса, I ва II гуруҳ ногиронлари тест синовларини бепул топширади. Икки ёшгача бўлган болаларнинг тест топшириши шарт эмас.

«Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонга келганларнинг барчаси аэропортларда мажбурий экспресс-тестдан ўтказилади. Тест Давлат божхона қўмитасининг марказий лабораторияси томонидан олиб борилади. Барча аэропортларда бунинг учун махсус зоналар мавжуд, кучланиш учун тўсиқлар ўрнатилган, тўловларни қабул қилиш учун терминаллар, нақд пул олиш учун банкоматлар ва валюта айирбошлаш пунктлари мавжуд. Аэропортлар имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, тест топшириш зоналари паспорт назоратидан ўтишдан олдин ёки ўтгандан кейин ташкил этилади», — дейди «Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.

Тўловни амалга ошириб, квитанцияни олган йўловчи тўғридан-тўғри тест топширишга юборилади, шундан сўнг паспортга штрих-код ёпиштирилади. Натижаларни олиш учун тахминан 15 дақиқа вақт кетади. Бу вақт ичида йўловчи юкини олиб, божхона назоратидан ўтишга улгуриши мумкин. Терминалдан чиқишда штрих-код сканердан ўтказилади ва йўловчи тезкор коронавирус тести натижасини олади. Агар тест ижобий натижа берган бўлса, йўловчи изоляцияга юборилиши керак.

Янгиликлар