Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тиклади

Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш тўлиқ тикланганини маълум қилди.

Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси 12 январь куни Ўзбекистон электр энергияси импортини улар билан ҳеч қандай келишувсиз 60 фоизга камайтиргани ҳақида баёнот берганди. DABS мазкур муаммо 13 январь, пайшанба куни ҳал бўлганини маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳозирда Афғонистонга электр таъминоти тўлиқ тикланган. Узилишга «Толимаржон» ИЭС подстанциясидаги техник носозлик сабаб бўлган. Дастлаб муаммо икки–уч кун ичида ҳал қилиниш айтилган. Мазкур носозлик оқибатида Афғонистоннинг 16 вилоятда электр энергиясида узилиш кузатилган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Толимаржон» ИЭСда кузатилган носозлик бўйича ҳам маълумот бермаган. Аммо «Ўзбекистон 24» телеканали орқали бир неча марта мамлакатдаги иссиқлик электростанциялари барқарор фаолият кўрсатаётгани ҳақида лавҳалар тайёрланган ва эфирга узатилди.

Аслида оммага маълум бўлган «Толимаржон» ИЭСда юз берган авариявий ҳолатлар кўп кузатилган, масалан, 2021 йил ёзда «Ўзбекнефтгаз»га қарашли «Шўртан» подстанциясидаги қисқа туташув сабабли «Толимаржон»нинг 1-сонли энергоблоки ҳамда 2-сонли буғ-газ қурилмасининг автоматик ҳимоя тизими ишга тушган ва станция ишламай қолганди.

Янгиликлар