Гвинея Эбола эпидемияси бошланганини эълон қилди

Ғарбий Африкада жойлашган Гвинея ҳукумати 14 февраль куни мамлакатда Эбола эпидемияси бошланганлини расман эълон қилди. Бу ҳақда Guinee114 янгиликлар порталига таяниб Repost.uz хабар берди.

Фото: Guinee114

Хабарга кўра, Эбола эпидемияси Гвинеянинг жануби-шарқида бошланган. 14 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазири раислигида инқирозга қарши йиғилиш бўлиб ўтган. Унда барча юқтирганларни аниқлаш ва изоляциялашни ўз ичига олган вирус тарқалишига қарши қарор қабул қилинган. Эпидемия икки префектурада — Нзерекор ва Гюекда қайд этилган.

«Ушбу вазиятни ҳисобга олган ҳолда ва халқаро соғлиқни сақлаш қоидаларига мувофиқ Гвинея ҳукумати Нзерекоре префектурасидаги Гюек субфектурасида Эбола вируси касаллиги эпидемиясини эълон қилган», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, 1 февраль куни Эболадан вафот этган ҳамширанинг дафн маросимидан сўнг Нзерекоре префектураси ва Гюек вилоятида Эбола аломатлари — қусиш, диарея, қон кетиш билан етти киши аниқланган. Етти кишидан уч нафари вафот этган.

Қайд этилишича, 2016 йилдан бери илк маротаба мамлакатда ушбу касалликдан вафот этганлар сони 4 нафарни ташкил этган.

Шунингдек, Халқаро соғлиқни сақлаш қоидалари талабларига биноан Гвинея ҳукумати Нзерекоре префектураси ва Гюки минтақасини эпидемия зоналари деб эълон қилди.

Янгиликлар