Ўзбекистонда январь ойида тадбиркорлик субъектларида Бизнес омбудсман рухсатисиз қанча солиқ текшируви ўтказилганлиги маълум қилинди

Ўзбекистонда 2021 йил январь ойида тадбиркорлик субъектларида Бизнес омбудсман рухсатисиз  5 500 та солиқ текшируви ўтказилган. Бу ҳақида АОКАда бўлган матбуот анжуманида Бизнес омбудсман вакили Абдували Абдумавлонов маълум қилди.

Фото: biznesvakil.uz

Хабарга кўра, пандемия даврида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни қисқартириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилган эди. Кўрсатмалар ижросини таъминлаш мақсадида Бизнес омбудсман томонидан барча назорат қилувчи органларга пандемия даврида барча текширишларни кескин қисқартириш юзасидан тавсиялар берилган.

Таъкидланишича, 2021 йил январь ойида 7700 дан зиёд тадбиркор фаолиятида текширувлар амалга оширилган. Бунга асосий сабаб солиқ қонунчилиги такомиллаштирилиши бўлган. Бу текширувлар Бизнес омбдусмандан рухсат олмаган ҳолда амалга оширилган. Январь ойининг ўзида солиқ текширувлари 5,5 мингтадан ошган.

Қайд этилишича, ҳозирда тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда тадбиркорлик субъектларига текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқишнинг янгича механизмларини кўриб чиқилган ва таклиф берилган. Эндиликда қонун қабул қилинганда тадбиркорни текширишга чиқиш учун етарлича асос, риск таҳлил инструментларидан фойдаланган ҳолдагина амалга оширишга рухсат берилади.

Янгиликлар