Ўзбекистонда Президент соврини учун халқаро шахмат турнири ўтказилади

Ўзбекистонда «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Фото: «mgpu»

Қарорга кўра, Шахматни 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди. Бунда 2025 йилга қадар шахмат билан мунтазам шуғулланувчилар сонини  3 фоизга етказиш назарда тутилган.

Қайд этилишича, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  • 150 та умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитишни ташкил қилиш амалиёти кенгайтирилиб, яна қўшимча 150 та мактаб (шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) 10 тадан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 15 тадан мактаб) шахматга ихтисослаштирилади;
  • тегишли 1 000 та умумий ўрта таълим мактабида 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини «Жисмоний тарбия» фани доирасида 18 соатлик режа асосида шахматга ўқитиш йўлга қўйилади ҳамда уларга методик ёрдам кўрсатилади;
  • қолган барча мактабларнинг 2, 3 ва 4-синф ўқувчилари «Жисмоний тарбия» фани доирасида шахматга ўқитилади.

Шу билан бирга 2021 йилдан бошлаб ҳар йили бир ой давомида мактабларда «Шахмат ойлиги» ташкил этилади. 2021 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:

  • Тошкент шаҳрида Президент соврини учун халқаро шахмат турнири, Ўзбекистонлик биринчи халқаро гроссмейстер Г.Т. Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир, шунингдек, шахмат бўйича XVII Жаҳон чемпиони Р.М. Қосимжонов халқаро турнири;
  • Самарқанд шаҳрида «Соҳибқирон кубоги» халқаро шахмат турнири;
  • Хива шаҳрида «Ал-Беруний» халқаро шахмат турнири;
  • Бухоро, Термиз ва Хива шаҳарларида «Туризм ва шахмат ҳафталиги» ташкил этилади.

Шунингдек, шахмат мактаблари ва клублари фаолиятига кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон шахмат клублари ассоциацияси ташкил этилган. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади. Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Бундан ташқари, шахмат бўйича мусобақалар ва турнирларни онлайн ўтказиш платформаси (www.uzchess.uz), шунингдек, таҳсил олаётган ўқувчилар ва талабалар ҳамда ўқитувчилар, тренерлар ва мутахассисларнинг ягона электрон базаси яратилади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги барча мактабларда «Шахмат синфлари» очилиши ҳақида хабар берилган эди.