Умра сафарига аввал тўлов қилганлар қўшимча пул тўлайди

Дин ишлари бўйича қўмита ўзбекистонликларга Умра сафари учун тўлов қимматлагани айтилган хабар юзасидан изоҳ берганди.

Маълум бўлишича, Саудия Арабистонигa дастлабки рейсни 22 январь куни амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шундан сўнг 25–28 январь кунлари ҳам навбатдаги рейслар қўйилади.

Қайд этилишича, 2020 йил февраль ойига қадар Умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 770 000 сўм маблағ тўлайди. Ушбу қўшимча тўловни белгилашда, меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартириш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларни таъминлаш, 15 фоиз Саудия ҚҚС солиғи каби сарф-харажатлар ҳам ҳисобга олинган. Шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарларида энг замонавий меҳмонхоналар зиёратчиларга хизмат қилади.