Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» ва «Жиҳодчилар» экстремистик оқимлари тарғибчилари ушланди

Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» ва «Жиҳодчилар» экстремистик оқимларининг ғояларини тарғиб қилган фуқаролар ушланди.

Маълум бўлишича, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда ички ишлар идоралари ходимлари ҳамкорлигида тадбир ўтказилган. Аниқланишича, иштихонлик 34 ёшлик Р.М. «Ҳизб ут-Таҳрир» экстремистик оқимнинг Қирғизистондаги раҳнамоси билан алоқада бўлган.

Таъкидланишича, Р.М. унинг кўрсатмаси билан ташкилот ғояларини интернет орқали тарғиб қилган ва ишга алоқадор ашёвий далиллар холислар иштирокида олиб қўйилган.

Шу билан бирга, Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасида яшовчи 32 ёшли Б.Ж. ҳамда ургутлик 36 ёшли Х.С. «Жиҳодчилар» оқими раҳнамоларининг экстремистик мазмундаги материалларини ижтимоий тармоқда виртуал дўстларига тарқатиб келгани аниқланиб, қўлга олинди.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар