Япония бош вазири мамлакат ҳеч қачон уруш қилмаслигига қасам ичди

Япония бош вазири Фумио Кисида ўз мамлакати урушда бошқа ҳеч қачон қатнашмаслигига ваъда берди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Сиёсатчининг нутқи мамлакат Иккинчи жаҳон уруши мағлубиятининг 77 йиллигини нишонлаётгани фонида янграган.

«Биз уруш даҳшатларини бошқа ҳеч қачон такрорламаймиз. Мен мазкур қатъий қасамёдга амал қилишда давом этаман. Тўқнашувлар ҳали ҳам тўхтовсиз давом этаётган дунёда Япония тинчликка фаол ҳисса қўшиш шиори остида турли муаммоларни ҳал қилиш учун қўлидан келганини қилади. Дунё дуч келаётган муаммолар фонида халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилади», — деган Кисида

Мазкур нутқ ортидан Япония Вазирлар маҳкамаси аъзолари Токиодаги Ясукуни маъбадига борган. У уруш давридаги 14 нафар япониялик етакчиларнинг хотирасини шарафлайди. Бу Хитой ва Жанубий Кореянинг норозилигига сабаб бўлган.

«Корея ҳукумати Япониянинг масъул халқини тарих билан юзма-юз келишга ва ўтмишдаги ҳаракати орқали самимий мулоҳаза юритишга чақиради», — деган Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэнбинь ҳам Япония ўз тарихи ҳақида чуқур ўйлаши кераклигини айтган.

«Ҳар қандай давлат бир вақтлар ўз ватани учун жонини фидо қилган инсонларга ҳурмат бажо келтириши табиий. Япония қўшнилари, жумладан, Хитой ва Жанубий Корея билан муносабатларини мустаҳкамлашда давом этади», — деган Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Хирокадзу Мацуно.

Эслатиб ўтамиз, Хитой АҚШ Конгресси вакиллар палатаси спикерининг Тайванга ташрифи фонида ҳарбий машғулотлар бошлаган. Маневрларда Тайван яқинига баллистик ракеталар учирилган. Уларр Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасига келиб тушган. Ҳолат юзасидан Токио дипломатик каналлар орқали норозилик билдирилган. Япония Хитойдан Тайван ҳудудидаги машғулотларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган.

Аввалроқ Япония мудофаа харажатини икки бараварга оширмоқчилиги ва Япония ва АҚШ тарихдаги энг йирик қўшма машғулотларни ўтказиши маълум қилинган.