«Ўзбекистон халқининг миллий мероси инсоният меросининг ажралмас қисми ва унинг муҳим бўғини эканидан фахрланамиз» — Aзиз Aбдуҳакимов

Тошкент шаҳрида 15 декабрь куни маданий мерос ҳафталиги ва «Ўзбекистон маданий мероси — янги ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV халқаро конгресс бошлангани хабар қилинганди. Мазкур конгрессда бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов тадбир қатнашчиларини Ўзбекистон ҳукумати номидан халқаро даражадаги байрам билан табриклади, деб хабар бермоқда «Тez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов Маданий мерос ҳафталиги иштирокчиларини Ўзбекистон Ҳукумати номидан халқаро даражада ўтказилаётган байрам билан табриклаб, Президент бугунга келиб анъанага айланган ушбу нуфузли анжуманга алоҳида эътибор бериб, унинг аҳамиятини юксак баҳолашини таъкидлади.

Конгрессда UNESCO Бош котибининг маданият масалалари бўйича ўринбосари Эрнесто Оттоне тадбир иштирокчиларига видеомурожаат билан чиққани айтилган эди. У Ўзбекистонда UNESCO бутунжаҳон меросининг инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган беш объекти ва олти элементи мавжудлигини таъкидлаган. Шунингдек, Эрнесто Оттоне Ўзбекистоннинг маданий бойлиги мамлакат келажагини қуришда муҳим асос бўлиб хизмат қилишини қайд этган. У ўз ривожланиш стратегиясида маданиятга катта эътибор қаратаётган Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолашини ҳам таъкидлаган.

Фото: «Tez News»

Aзиз Aбдуҳакимов 2019 йилда Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигида UNESCO Бош директори Одри Aзуле хонимнинг шахсан ўзи иштирок этгани тадбирнинг халқаро обрўсини янада оширганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон Президенти томонидан янграган янги Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясига катта қизиқиш билдирган ва уни амалга оширишда бирлашаётган Сиз азизлар билан ҳамкорлик қилиш ҳамиша фойдали бўлади. Ўзбекистон халқининг миллий мероси инсоният меросининг ажралмас қисми ва унинг муҳим бўғини эканидан фахрланамиз. Шу маънода, юртимиз тарихини сақлаш, ҳимоя қилиш инсоният тарихини сақлаш ва уни келажак авлодга етказиш масъулиятини чуқур англаймиз.

Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланган туризм, айниқса халқаро туризм бевосита маданий меросимизни қанчалик асл ҳолатда сақлаб қолишимизга боғлиқ эканлиги қайд этилди, зеро хорижлик сайёҳ бизнинг тарихимиз ва маданий меросимизга қизиқиб юртимизга ташриф буюради», — деди Aзиз Aбдуҳакимов ўз нутқида.

Фото: «Tez News»

Aзиз Aбдуҳакимов сўнгги йилларда маданий меросни муҳофаза қилишда қатор ишлар амалга оширилгани, бироқ, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўплигини таъкидлади. Бу жараёнда, айниқса, UNESCO ва унинг Умумжаҳон мероси маркази Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани эътироф этилди.

«Маданий меросни муҳофаза қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини инобатга олиб, бугунги тадбир иштирокчиларини Умумжаҳон мероси сифатида тан олинган тарихий шаҳарларимиз ‒ Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабзни сақлашда ҳамкорлик қилишга чақирамиз. UNESCO конвенциялари ва тавсияларини мамлакатимизда самарали амалга оширишда Сизлар билан ҳамкорлик қилиш қимматли аҳамиятга эга бўлади», — деди Бош вазир ўринбосари.

Фото: «Tez News»

Шундан сўнг Aзиз Aбдуҳакимов барча олимларни 2021 йилда Жаҳон мероси ҳисобланган қадимий Хива шаҳрида ўтказиладиган «Марказий Осиё дунё сивилизасиялари чорраҳасида» халқаро форумига таклиф этди.

Aввалроқ Тошкентда модернизм ёдгорлигининг реконструкция лойиҳаси тақдимоти ўтказилгани хабар қилинган эди.