Тошкентда спа салон номи билан фаолият юритаётган фоҳишахона аниқланди (видео)

Тошкент шаҳар Яшнобод туманида 10 ноябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида спа салон номи билан фаолият юритаётган фоҳишахона аниқланди. Бу ҳақда «Zo’r TV» телеканалидаги «25 soat» кўрсатувида хабар берилди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, карантин талабларининг фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, давлат ва жамоат ташкилотларида бажаралишини ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва алоқадор идораларнинг вакиллари спа салон ўрнида фоҳишахона ташкил этилганига гувоҳ бўлган.

Тезкор гуруҳ фоҳишахонани кўздан кечирганда жинсий алоқа қилиш учун шароит ва муҳит яратилганлигининг гувоҳи бўлган. «Деворларга осилган суратлардан тортиб, хоналарнинг мижозлари, ювиниш, алоҳида ёки жамоавий ўтириш, ётиш жойлари ахлоқий, инсоний мезонларнинг чегарасини бузиб ўтиш учун тайёр қилиб қўйилган», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу жой фоҳишалар хизматини ҳам тақдим этади. Шунингдек, бинонинг иккинчи қаватида шу ерда ишлайдиган аёллар учун ётоқхоналар ташкил этилган.

Aввалроқ Жиззахда аёлларни хорижга фоҳишаликка юборган 22 яшар йигит, Тошкент шаҳрида эса спа салонни фоҳишахонага айлантирган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, фоҳишаликка мажбурлаган, Наманганда эса уйида фоҳишахона сақлаган аёл қўлга олингани хабар қилинган.