Европа космик агентлиги Ойга экспедиция учун аёллар ва ногиронларни жўнатмоқчи

Европа космик агентлиги (ESA) Ойга экспедиция учун 26 та фазогирни жалб қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда The Guardian сайти хабар берди.

Фото: Twitter

Маълумотга кўра, yшбу 26 та фазогирни аввал Ойга, кейинчалик эса Марсга жўнатиш режалаштирилган. Номзодларни танлашда хилмахилликка эътибор қаратилади. Шунингдек, ESA ўз ходимлари орасида кўпроқ аёллар, шунингдек, ногиронлар бўлиши кераклигини маълум қилган.

Таъкидланишича, янги фазогирларни жалб қилиш охирги 11 йил ичида илк бор ўтказилмоқда ва бу космик экспедицияларнинг тикланишини англатади. Номзодлар ҳам парвозларнинг фаол иштирокчилари, ҳам захирадаги хизматчилар вазифасини бажаришади.

Хабарга кўра, танлов дастури 2022 йил кузига қадар давом этади. Технологиялар ёрдами билан ногиронларни коинотга олиб чиқиш имконияти пайдо бўлди.

«Коинотда ишлаш ҳақида гап кетганда ҳаммамиз имконияти чекланган одамлармиз», — деган италиялик фазогир Саманта Кристофоретти.

Қайд этилишича, келажакда фазогирлардан илм-фан, муҳандислик, математика ёки информатика соҳасидаги магистр даражаси учун уч йиллик амалиёт ва синовларга руҳий тайёргарлик талаб этилади.

Янгиликлар