Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг ойлик маоши оширилади

Ўзбекистонда 2022 йил 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари оширилади.

Маълум қилинишича, давлат раҳбарининг «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:

  • олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 15 фоизга;
  • иккинчи малака тоифаси ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 10 фоизга;
  • тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун — 15 фоизга оширилади.

Бунда тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.

Келтирилишича, 2022 йил 1 июндан бошлаб Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори тиббиёт муассасаси учун ажратиладиган бюджет маблағларининг умумий ҳажмига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • бирламчи тиббий-санитария муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, болалар учун мўлжалланган муассасалар, санитария-эпидемиологик хизмати ҳамда ижтимоий касалликларга (сил, буйрак етишмовчилиги, онкология, руҳий, наркология, эндокрин, мохов (лепра), юқумли, жинсий йўл билан юқтириладиган, ОИТС) ихтисослашган муассасаларда – умумий харажатларнинг 10 фоизи;
  • республика ва вилоят даражасидаги бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида – умумий харажатларнинг 5 фоизи.