Фарғонада қиз-аёллар 1 ой тутқунликда ушланиб, номусига тегилгани айтилган хабарга изоҳ берилди

Фарғона вилояти прокуратураси Қува туманида 19 ёшли қиз ва аёл 1 ой давомида тутқунликда ушланиб, номусига тегилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, фуқаро С.Р. (2001 йилда туғилган) 2020 йилнинг 22 сентябрь куни Қува тумани Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, уни 25 майда фуқаро Т.С. Қува туманидаги кўп қаватли уйларга олиб бориб, вояга етмаган Д.Ж. ва С.К.лар билан бирга уни ва В.М. исмли аёлни бир ой давомида асоссиз ушлаб турганлиги, зўрлик ишлатиб номусига текканлигини билдирган.

Мурожаат юзасидан Қува тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, С.Р.ни зўрлик ишлатиб номусига тегилгани, олиб кетилгани ва асоссиз ушлаб турилгани ҳақидаги важлари экспертиза хулосаси, тушунтириш хатлари ва иш юзасидан тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топмаган.

Маълум қилинишича, мурожаат юзасидан Қува тумани ИИБ томонидан охирги маротаба 12 декабрда жиноят иши қўзғатиш рад қилинган. Ўрганиш давомида текширув жараёнини бевосита назорат қилган Қува тумани прокуратураси ходимлари хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолати аниқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилаётгани, ички ишлар бўлими эса жиноий иш очишни рад этгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Самарқанд прокуратураси «қизнинг номусига теккан машҳур хонанда иши» бўйича ИИБ қарорини бекор қилгани хабар қилинган.

Янгиликлар