Самарқанддаги уйда 20 та газ баллон портлагани бўйича қўшимча маълумот берилди

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида 18 январь куни қурилиши битмаган хонадонда 20 та газ баллон портлаб, ёнғин содир бўлгани хабар қилинган эди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати қўшимча маълумот берди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, 2021 йил 18 январь куни соат 20:08 атрофида вилоят Фавқулодда ҳолатлар бошқармаси навбатчи диспетчерлик хизматига Самарқанд тумани Раджабамин маҳалласида ҳали қуриб битказилмаган уйида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Шундан сўнг 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 20:23 да етиб борган. Қутқарувчиларнинг олиб борган ҳаракатлари натижасида ёнғин соат 22:16да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин натижасида хонадоннинг тахминан 50 квадрат/метр майдони ҳамда «Damas» автомашинаси зарарланган.

Шунингдек, ёнғинни ўчириш жараёнида қутқарувчилар томонидан мазкур хонадоннинг ертўласида бўлган ва ёнғиндан зарар кўрган тахминан 20 дона маиший газ баллони эҳтиёткорлик билан олиб чиқилиб, хавфсизлиги таъминланган.

Айни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва зарар миқдори аниқланмоқда. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар