Наманганда 20 йил олдин пора билан қамалган тафтишчининг иши қайта кўриб чиқилиб, айбсиз деб топилди

Наманган туманининг «Ўлмас» маҳалласида яшовчи 73 ёшли C.Т бундан 20 йил олдин туҳмат билан қамалганлиги аниқланиб, айбсиз деб топилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Наманган шаҳар суди бошқа судлар қатори 2001 йилда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд сифатида ихтисослашган. Мазкур суднинг 2000 йил 6 мартдаги ҳукмида қайд этилишича, Наманган вилояти молия бошқармасида тафтишчи-назоратчи вазифасида фаолият юритган С.T. 1999 йил 6 февраль куни Наманган шаҳар ветеренария бўлимида тафтиш ўтказган.

Tафтиш жараёнида 2-сонли лаборатория санитария экспертизасида қассоблардан олинган пуллар учун берилган 4 дона квитанция журналда қайд этилмаганлиги аниқланган. Шу боис лаборатория мудири А.С. 1999 йил 8 февраль куни ветеринария бўлими бош шифокори Ш.Р.дан ушбу камчиликларни далолатномада қайд этмаслик учун тафтишчи С.Т. билан гаплашиб беришни илтимос қилган.

Бош шифокор Ш.Р. 1999 йил 13 февраль куни лаборатория мудири А.C.ни ўз хонасига чақириб, тафтишчи билан гаплашганини, 4 дона кирим қилинмаган квитанцияни далолатномада қайд этмаслик эвазига тафтишчи С.Т. 5 минг сўм пул талаб қилганини айтган.

Шунга биноан 1999 йил 15 февраль куни Ш.Р. Наманган шаҳар ветеринария бўлимида — хизмат хонасида А.С.дан кўрсатилган миқдордаги маблағни С.Т.га пора тариқасида бериш учун олган вақтида ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланган. Оқибатда биргина Ш.Р.нинг кўр­сатмаси асосида С.Т.га нисбатан жиноят иши қўз­ғатилган.

Суд ҳукмига асосан эса С.Т Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топилиб, мол-мулки мусодара қилинган. Жиноят кодексининг ўша пайтда амалда бўлган таҳририда мол-мулкни мусодара қилиш ҳам кўзда тутилганди. Шу билан бирга, С.Т. 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Наманган вилоят судининг 2000 йил 11 апрелдаги апелляция ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Қайд этилишича, 20 йилдан сўнг C.T ҳимоячиси Д.А билан бирга Олий судга назорат тартибидаги шикоят билан мурожаат қилган. Натижада Олий суд томонидан Наманган вилоят судининг 2000 йил 11 апрелдаги апелляция ажрими бекор қилинган. Иш янгидан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг кассация инстанциясига юборилган.

Кассация суди мажлисида аён бўлишича, Наманган шаҳар ветеринария бўлими бош шифокори вазифасида ишлаган Ш.Р. тезкор тадбир ўтказилган 1999 йил 15 февраль куни гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда, А.C.дан 5 минг сўмни ўзи раҳбарлик қилаётган ветеринария бўлими жамоасига ва ўзига гап тегмаслиги учун тафтишчига бериш учун олгани, агар тафтишчи пулни олмаса, унга чой қилиб бермоқчи бўлгани ҳақида кўрсатма берган.

Бироқ Ш.Р. гумон қилинувчи тариқасида ушланиб, 1999 йил 16 февраль куни сўроқ қилинганда, А.С.дан 5 минг сўмни тафтишчи С.Т.га бериш учун олгани, хонага тезкор ходимлар кириб келишгани учун пулни беришга улгурмагани ҳақида кўрсатма берган.

Бундан ташқари лаборатория мудири А.С.нинг кўрсатмаларини текшириб кўриш ҳақидаги баённомада А.C. томонидан берилган пул Ш.Р.нинг костюми чап ички чўнтагидан олингани кўрсатилган. Тезкор тадбирда эса, Ш.Р.нинг костюми чап чўнтагидан пул эмас, қора рангли тароқ олинган.

С.Т.нинг кирим қилинмаган 4 дона квитанцияни далолатномада кўрсатмаслик учун 5 минг сўм сўраганини тасдиқловчи Ш.Р.нинг кўрсатмаларидан бошқа бирор-бир далил мавжуд эмас. С.Т. айнан пора олаётган вақтда қўлга олинмаган. Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси талабига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Мазкур кодекснинг 83-моддасида эса, судланувчининг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши белгиланган.

Шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг 2000 йил 6 мартдаги ҳукмининг С.Т.га оид қисмини бекор қилиб, уни айбиз деб топиб, оқлади.

Aввалроқ Бухоро шаҳрида 32 йил аввал пичоқлаб ўлдирилган аёл қотили қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.