Ўзбекистонда 2025 йил ичида 80 дан ортиқ фавқулодда вазият юз берди

Фавқулодда вазиятлар оқибатида 256 киши жароҳатланган, 221 киши ҳалок бўлган.

Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига мамлакатда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш масала кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар ҳамда техноген авариялардан муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  Шу билан бирга, амалга оширилган таҳлиллар соҳада қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатган.

Жумладан, фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, идоралараро интеграцияни таъминлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари долзарблигича қолмоқда.

2025 йил давомида мамлакатда 82 та фавқулодда вазият юз бериб, улар оқибатида инсонлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Шунингдек, ёнғинлар ва газ-ҳаво аралашмалари чақнаши билан боғлиқ ҳолатлар сони ҳам ошгани ташвиш уйғотмоқда, — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, фавқулодда вазиятлар оқибатида 256 киши жароҳатланган, 221 киши ҳалок бўлган.

Муҳокама якунида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига мамлакатда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон