Қозоғистон президенти аҳоли даромади масаласига тўхталди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги тартибсизликларнинг асосий сабаби бойлар ва камбағаллар даромади ўртасидаги йўл қўйиб бўлмайдиган тафовут эканини айтди.

Маълум қилинишича, Тўқаев 21 январь, жума куни мамлакатнинг ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашган ва рўй берган тартибсизликлар йиллар давомида тўпланиб келаётган муаммоларни фош қилганини айтган.

«Сизга яхши маълум бўлган коррупция фонида даромадларнинг бундай табақаланиши террорчилар, жангарилар ва уларнинг ортида турган фитначилар томонидан порох бочкаси ёнида чақилган гугурт ролини ўйнади. Бугунги кунда олдимизда бутун ижтимоий тузилмани чуқур ўзгартириш бўйича стратегик вазифа турибди. Бизга Қозоғистон фуқароларининг интилиши ва манфаатига жавоб берадиган реал ислоҳотлар керак», — деган у.

Шунингдек, Қозоғистон раҳбари аҳолининг ярми ойига кўпи билан 50 минг тенге (1 миллион 241 минг сўм атрофида) даромад топиши ва бу пулга кун кечириш мумкин эмаслигини айтган. У халқаро экспертлар маълумотларини келтириб, Қозоғистонда бор-йўғи 162 киши республика бойлигининг ярмидан кўпроғига эгалик қилишини таъкидлаган. Тўқаев «бундай табақаланиш ва тенгсизлик хавфли» эканини қайд этган.

«Жами 162 киши Қозоғистон бойлигининг ярмидан кўпига эгалик қилади, аҳоли ярми эса ойлик даромади 50 мингдан ошмайди, бу йилига 1300 доллардан сал кўпроқ. Албатта, бундай пулга яшашнинг иложи йўқ. Вазиятни зудлик билан ўзгартириш керак ва бу кўп жиҳатдан сизга, азиз тадбиркорларга боғлиқ», — деган Тўқаев ишбилармонлар билан учрашувда.