Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳонидаги мажбурий фанларга ҳам чет тили киритилади

Вазирлар Маҳкамаси 19 январь куни «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Қарорга кўра, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига бир марталик 15 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. 2022 йил 1 мартдан чет тили фани ўқитувчиларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини ривожлантиришга ҳамда сертификатга эга бўлишга йўналтирилган ўқув курслари ташкил этилади.

2022/2023 ўқув йилидан мактаблар учун замонавий тил ўргатиш методикалари асосида ишлаб чиқилган чет тили дарсликлари чоп этилади. Шунингдек, 2022/2023 ўқув йили қабулидан хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган бир қатор ОТМларга кириш имтиҳонларида чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш йўлга қўйилади. Жумладан, фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган қуйидаги ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университети.

Қуйидаги ОТМларнинг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига:

  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институти.

Чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.

2024/2025 ўқув йилидан ОТМга кириш имтиҳонлари учун белгиланган мажбурий фанлар мажмуасига чет тили фани босқичма-босқич киритилади. 2022 йил 1 сентябрдан мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал, шунингдек, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари чет тили фани ўқитувчиларининг аттестацияси жараёни ўқув фани бўйича малака синовлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

2022 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январгача Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритадиган нодавлат таълим ташкилотлари: бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади, вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларда фаолиятини амалга оширганида ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно).

Шунингдек, 2022 йил 1 февралдан С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб 2 йил давомида устама тўланади.