Зиё Форум илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди ҳамда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Зиё Форум илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми асосида Ўзбекистонда хорижий тилларни оммалаштириш юзасидан режалар тузилди.

Меморандум 2021 йил 19 октябрь куни Зиё Форум биносида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори вазифасини бажарувчи С.О. Обидов ҳамда Зиё Форум илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди директори Б.Б. Фарманов томонидан имзоланди.

Меморандумга мувофиқ, ташкилотлар томонидан хорижий тиллар ва илмий тадқиқотларни оммалаштириш соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида тегишли соҳа бўйича ҳамкорликни олиб бориш режалаштирилган.

«Бундай меморандумнинг имзоланиши, айниқса, ҳозирги – хорижий тилларни билиш кун сайин кўпроқ аҳамият касб этаётган ва ҳар бир ўз устида ишлаётган инсон учун заруратга айланган даврда муҳим ҳодисадир. Мамлакатимизда хорижий тиллардаги сифатли контентнинг йўқлиги катта муаммога айланган. Меморандум доирасида қизиқарли контентни яратиш, форумлар, танловлар ва лойиҳаларни ташкил этиш орқали тилларга қизиқиш уйғотиш устида ишлашни режалаштирмоқдамиз» — дея таъкидлади Зиё Форум фонди директори Бобур Фарманов.

Шу ўринда, фонд ва агентлик ўз олдига ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш, аҳоли ўртасида янги тилларни ўрганишга қизиқиш уйғотиш, илмий ва ўқув материалларни тайёрлашда кўмаклашиш вазифаларини қўйган.

«Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишда такомиллаштириш керак бўлган кўплаб жиҳатлар мавуд. Зиё Форум фонди билан ҳамкорлик орқали хорижий тилларни билишнинг қанчалик аҳамиятли эканлигига яна бир бор урғу беришимиз, ёшларни янги тилларни ўрганишга мотивлаштиришимиз мумкин. Меморандим мақсадлари асосида аҳоли ўртасида фундаментал тил кўникмаларини ривожлантириш ва ҳамкорликдаги тадбирларни ташкиллаштиришни режалаштирганмиз» — дейди Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори вазифасини бажарувчи Санжар Обидов.

Меморандум шарофати билан кенг қамровли конференциялар ва форумлар, олимпиадалар ва танловлар, шунингдек, хорижий тилларни оммалаштириш ва уларни ўрганишга қизиқишни уйғотишга йўналтирилган турли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади.

Янгиликлар