Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Испания қироли қабулида бўлди

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Испанияга ташрифи доирасида қирол Филипп VI қабулида бўлиб, у билан юзма-юз мулоқот қилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, Испания қироли Филипп VI томонидан «Palacio Real de Madrid» саройида хорижий делегациялар раҳбарлари шарафига расмий қабул ташкил этилган. Ушбу тадбирнинг очилиш қисмида туризм соҳасининг Испания иқтисодиётидаги ўрни, аҳоли бандлигидаги ҳиссаси ҳақида қайд этилиб, пандемиядан кейинги иқтисодиётни ривожлантиришда туризм ва мамлакатлараро ҳамдўстликнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилган. Расмий тадбирлардан сўнг Испания қироли билан Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўртасида юзма-юз мулоқот бўлиб ўтган. Бош вазир ўринбосари, Азиз Абдуҳакимов Шавкат Мирзиёев ҳамда ўзбек халқи номидан Испания қироли ва унинг оила аъзолари, шунингдек испан халқига саломини йўллаб, тилакларини етказган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, қирол Филипп VI, ўз навбатида, 2017 йилнинг июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Остона шаҳрида Шавкат Мирзиёев билан учрашувини илиқ хотиралаган. Шунингдек, Испания қироли пандемия билан боғлиқ вазият юмшаганидан сўнг Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориш истаги борлигини билдирди.

Аввалроқ АҚШда жойлашган Винрок халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институтининг Ўзбекистондаги филиали давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида хабар берилганди

Янгиликлар