Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали ташкил этилди

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон давлат хореография академиясининг давлат таълим муассасаси шаклидаги Урганч филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Huquqiy axborot» каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, филиал таркибида «Лазги» ижрочилигини янада ривожлантириш бўлими очилган.

Рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб бориш салоҳиятига эга илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш Филиалнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, «Лазги» ижро йўли намуналари «Олтин фонди»ни яратиш «Лазги» бўлимининг асосий вазифаларидан этиб белгиланган.

Қарорга кўра, Филиал ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:

  • «Лазги»нинг яратилиш тарихи ва ривожланиш даврини қамраб олган доимий экспозиция;
  • «Лазги» ижро йўлида яратилган ижод намуналарининг фонотекаси;
  • «Лазги»га оид либослар намуналари галереяси, кўргазмалар зали ҳамда артистик кафеси;
  • «Лазги» болалар ҳаваскорлик театр-студияси.

Филиалда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда талабаларнинг академик таътил олиши осонлаштирилиши ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил берилиш тартиби маълум қилинган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида февраль ойидан анъанавий таълим шакли бошланиши мумкинлиги ҳамда Ўзбекистон мактабларида таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда ташкил этишга қарор қилинган.

Янгиликлар