Ўзбекистонда лўли болалар ҳуқуқий ҳимояланади

Ўзбекистонда лўли болаларини ҳуқуқий ҳимоялаш масаласи Парламент комиссиясида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясида «Ирқий камситишларнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида»ги халқаро конвенцияни бажариш бўйича миллий ҳаракатлар режаси юзасидан Бош прокуратуранинг ахбороти эшитилган.

Мазкур миллий ҳаракатлар режасининг 12 та тадбирида Бош прокуратура ижрочилар қаторида назарда тутилган бўлиб, унга кўра этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омиллар мунтазам таҳлил қилинмоқда.

Жумладан, «Таълим тўғрисида»ги Қонун билан жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.

Республикада 2020 йил якуни бўйича 28 мингдан ортиқ лўли болалари қайд этилган бўлиб, уларнинг 15 минг нафари уй, 428 нафари мактабгача таълим тарбиясида, 12 минг нафари мактабларда, 98 нафари коллеж ва лицейларда таълим олаётганлар ҳисобига тўғри келади. 2018 йилда 1 200 дан, 2019 йилда 1 400 дан ва 2020 йилда 1 800 дан ортиқ лўли болаларига ижтимоий ёрдам берилган.

Қайд этилган этник гуруҳлар ва апатридлар учун ирқий камситишлар соҳасида ҳуқуқий ҳимоя масалалари бўйича Бош прокуратура Академияси томонидан Ички ишлар вазирлиги Академияси билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ишлаб чиқилган.

Парламент комиссиясида БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси доирасида Бош прокуратура томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар ҳам белгиланиб олинди.

Аввалроқ Тошкентда уйини инс-жинсдан тозалаб бераман деб, хонадон бекасини 12,5 млн сўмга «ухлатган» лўли ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар