Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи «Тахтақорача» довонида машиналар ҳаракати тикланди

Кўп миқдорда қор ёғганлиги сабабли 22 январь куни вақтинча тўхтатилган «Тахтақорача» довонида 23 январь куни автотранспорт воситаларининг ҳаракати тикланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи «Тахтақорача» довонида кўп миқдорда қор ёғганлиги сабабли автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган эди. Йўлларни қордан тозалаш ишлари олиб борилиб, музламаларни эритиш учун қум-туз аралашмалари сепилиб зарурий чоралар кўрилди. Қайд этилишича, айни вақтда довон йўлида автотранспорт воситалари ҳаракатига рухсат берилиб, қатнов давом этмоқда. «Ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлишларини, об-ҳаво ва йўл шароитини инобатга олиб транспорт воситасини бошқаришларини сўраймиз» дейилади хабарда.

Мавзуга доир: Самарқанд ва Қашқадарёни боғловчи Тахтақорача довони ёпилди

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 23 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чимён йўлида бир томонлама ҳаракат ташкил этилган эди.

Янгиликлар