Туркиядаги шаҳaрнинг бир қисми сайёҳлар селфи тушиши учун бузиб ташланади

Туркия ҳукумати мамлакатга келган сайёҳлар тарихий марказнинг ҳақиқий манзарасини кўришлари учун Мардин шаҳрининг бир қисмини бузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туркия туроператорлар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Туркия туроператорлар уюшмаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Мардин шаҳридаги 240 дан ортиқ турли хил бинолар шу мақсадда бузиб ташланади. Мамлакат ҳокимиятининг қарори ушбу шаҳар сайёҳлар томонидан тобора оммалашиб бораётгани сабабли тузилгани таъкидланган. Қайд этилишича, 2012 йилдан 2019 йилгача шаҳарга келган саёҳатчилар сони йилига икки миллиондан беш миллионгача ўсган. Январь ойи охирида Туркия Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазирлиги ушбу биноларни бузиш учун 10 миллион турк лираси ажратган. Айни пайтда Мардин губернатори Маҳмут Демирташ лойиҳа учун пул олгани ва шу сабабли яқин орада ҳудудда бузиш ишлари бошланишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда авария ҳолатидаги 760 метрлик кўприк портлатиб юборилгани ҳамда Туркия 28 декабрдан мамлакатга кирувчилар учун янги қоидалар белгилагани ҳақда хабар берилган.