Фарғонада кундошининг 9 ёшли қизини ўлдириш учун каналга итариб юборган аёл 10 йилга қамалди

Фарғона вилояти Бувайда туманида кундошининг 9 ёшли қизини ўлдирмоқчи бўлиб, уни каналга итариб юборган аёл 10 йилга қамалди.

Хабарга кўра, айбланувчи М.Е. 2020 йил август ойида турмуш ўртоғи Б.Е. билан ўзаро келишмовчилик сабабли норасмий ажрашган. Турмуш ўртоғи эса фуқаро М.Ж.ни бир нафар қизи билан бирга шаръий никоҳига олиб, у билан бирга яшаган. М.Е. бундан ғазабланиб, М.Ж.дан қасд олиш мақсадида 2021 йил 14 апрель куни М.Ж.нинг 9 ёшли қизи Ф.Ф.ни қасддан ўлдириш мақсадида у таълим олаётган Бувайда туманидаги мактабга борган.

Сўнг дарс машғулотларидан уйига қайтиб кетиш вақтини кутиб туриб, мактаб биносидан чиқиб келган қизни гўёки онаси чақираётгани ҳақида айтиб, уни туман марказидан йўловчи автомашинада туманнинг Маслаҳат МФЙ Чиркай қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтган Норин–Фарғона каналидан сув олувчи Ойимтарра ариғи яқинига олиб келган. Тўмтоқ жисм билан унинг бош соҳасига бир маротаба уриб, сўнгра кўтариб, ҳодиса жойида эни 3 метр, чуқурлиги 2 метрга тенг бўлган сув тўла оқаётган ариқдаги сувга чўктириб ўлдириш мақсадида ташлаб юборган ва ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

Ҳудудда фаолият юритиб келаётган фермер хўжалиги ишчиси ва бошқалар вояга етмаган қизни кўриб қолиб, уни ўз вақтида сувдан қутқариб, сувдан олиб чиққани сабабли ҳаёти сақлаб қолинган.

Судланувчи М.Е. судда айбига қисман иқрор бўлиб, турмуш ўртоғи уйланиб олганидан сўнг асаби тез-тез бузилиб турадиган бўлиб қолгани, шу сабабли жиноятга қўл урганини айтган. Аммо қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, аёллигини эътиборга олиб, енгиллик беришни сўраган. Жабрланувчининг онаси М.Ж. судда қиз яхши бўлиб қолгани, судланувчи М.Е.га нисбатан даъвоси йўқлигини, унга нисбатан енгиллик берилишини сўраган.

Суд судланувчи М.Е.ни Жиноят кодексининг 25 (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг «в» банди билан айбдор деб топган. Унга кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Янгиликлар