Ўзбекистонда ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг сайловлар бўйича берган масалаҳатлардан нечтаси қўлланилгани маълум бўлди

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) делегацияси 21 октябрь куни Ўзбекистонда президентлик сайловини кузатиш учун Тошкентга келди. Ассамблея бундан олдин 2019 йилда Ўзбекистондаги парламент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этган ва сайловлар бўйича мамлакатга қатор масалаҳатлар берган.

Маълум қилинишича, ЕХҲТ ПА 2019 йилги парламент сайловларида Ўзбекистондаги сайлов қонунчилигини яхшилаш бўйича 32 та маслаҳат берган. Бугунги кунга келиб, ушбу маслаҳатларнинг 18 таси тўлиқ, 3 таси қисман амалга татбиқ этилган, яна 8 таси кўриб чиқиш жараёнида.

Бундан ташқари, мутахассислар бу йилги сайловлар ва ассамблеянинг илк маротаба кузатувчи сифатида иштирок этиши юзасидан фикр билдирди.

«ЕХҲТ ПА раҳбариятининг ташрифи Ўзбекистондаги сайловлар тубдан ўзгаргани ва демократик ислоҳотлар шароитида ўтаётганидан далолат беради, бу эса халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини янада кўпроқ жалб қилмоқда»,  — деди Ўзбекистон МСК доимий аъзоси Гулноза Раҳимова.

Таъкидланишича, делегация таркибида Парламент ассамблеяси директори махсус маслаҳатчиси Жакопо Леоне, ПА сайлов бўлими бошлиғи Меган Маккейб Фитсжералд ва ПА матбуот котиби Катя Анна Рут Андруш бор.

Маълум қилинишича, ташриф давомида қатор давлат идоралари билан учрашув ўтказиш кўзда тутилган. Хусасан, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ва Ўзбекистоннинг бошқа вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Янгиликлар