Ўзбекистонда ижарадаги талабаларга тўловларни қоплаб бериш тизими ишга тушди

Давлат солиқ қўмитаси томонидан E-Ijara электрон хизматида ижарачи талаба жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР)ни киритиш орқали Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги маълумотлар базаси билан автоматик интеграциялашуви имконияти яратилди.

Таъкидланишича, талабалар билан тузилган кўчмас мулк ижара шартномаларининг солиқ органида ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳномада талаба ва у билан бирга турувчи талабалар ҳақида маълумотлар ҳам шаклланади. Натижада бирга турувчи талабалар ўртасида тенг тақсимланган ижара тўловидан келиб чиққан ҳолда ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб бериш суммасини ҳисоблаб чиқишда олий ўқув юртларида қийинчиликларни келтириб чиқармайди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2021 йил 20 апрелдаги фармонига асосан, ижарада яшайдиган олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда БҲМнинг 0,5 баравари миқдорида давлат бюджетидан қоплаб бериш белгиланганди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги қарори ижроси юзасидан E-Ijara электрон хизматида ижарага олувчи талаба билан тузилган ижара шартномалари уларнинг уяли телефонига юборилган тасдиқлаш кодини киритиш орқали электрон рақамли имзосиз ҳисобга қўйиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган низомнинг 4-бандига асосан битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба яшаётган ҳолатларда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлиши, турар жой ижара тўлов суммаси ижара шартномасида қайд этилган талабалар ўртасида тенг бўлинган тарзда ҳисобланиши ва ҳар бир талабага тўғри келадиган ижара суммасидан келиб чиққан ҳолда ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади.

Янгиликлар