Ўзбекистонда баъзи давлат идораларининг инвестиция лойиҳалари бажарилмагани ёки ижро муддати бўйича кечиктирилиб бажарилаётганлиги маълум қилинди

Ўзбекистонда баъзи давлат идораларининг инвестиция лойиҳалари бажарилмагани ёки ижро муддати бўйича кечиктирилиб бажарилаётганлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис матбуот хизмати

Таъкидланишича, 2021 йил 23 февраль куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг Туркия Республикаси ва Япония Республикасига олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган «йўл хариталари»нинг савдо-иқтисодий ва инвестицияга оид қисми ижро этилиши тўғрисидаги ахбороти эшитилган.

Унда маълум бўлишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, «Ўзтекстилсаноат» уюшмаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг инвестиция лойиҳалари бажарилмаган ёки ижро муддати бўйича жиддий тарзда кечиктирилиб бажарилмоқда.

Шунингдек, Япония бўйича «Йўл харитаси»даги Энергетика вазирлиги, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги, «Ўзтекстилсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Миллий банкининг лойиҳалари амалга оширилмаган ёки муддатлар бўйича кечиктирилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир лойиҳани амалга ошириш учун индивидуал муаммолар билан бир қаторда, «йўл хариталари»нинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани, шунингдек, инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномалари бажарилишини назорат қилишнинг пухта ишланган тизими мавжуд эмаслиги таъкидланган. Уларнинг яратилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 августдаги ПФ–6042-сонли Фармонида назарда тутилган.

«Сенаторлар  томонидан вазирликлар ва идоралар у ёки бу минтақада биринчи ўринда ривожлантириш лозим бўлган устувор тармоқлар ва хизматлар тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмаслиги таъкидланди», – дейилади хабарда.

Мажлис якунида Сенат Қўмитасининг муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалардан иборат тегишли қарори қабул қилинган.

Қайд этилишича, Туркия билан биргаликда 608,3 млн долларлик 49 та лойиҳа, Япония бўйича тузилган «Йўл харитаси» асосида 4,393 млн долларлик 40 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.