Ўзбекистонда нега тамакини чеклаш учун 12 ой имтиёзли муддат берилиши очиқланди

Ўзбекистонда тадбиркорлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тамаки маҳсулотларини чеклашда 12 ой имтиёзли муддат берилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассиси Шуҳрат Шукуров маълумот берди.

«Бу қонун тадбиркорлик фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлгани учун тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда 3–6 ойдан кейин қонун кучга киритилиши кўзда тутилган. Аслида, қонун 12 ойдан сўнг кучга кириши айтилганди. 16–17 ноябрь кунлари «Тамакисиз келажак сари» мавзусида ўтказилган семинарда ўқилган маърузалар жараёнида ушбу масалага эътибор қаратилди ва қонунни тезроқ кучга киритиш кераклиги ҳақида таклифлар бўлди.

Бундан ташқари снюсларни ҳам тақиқлаш кўзда тутилган. Ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда муддат 6 ойдан 12 ойга узайтирилган. Бундан ташқари, савдо шохобчаларида тамаки маҳсулотларини очиқча кўрсатиб сотишни тақиқлаш ҳам режалаштирилган», — дейди Шуҳрат Шукуров.

Шунингдек, мутахассис тамакига қарши қонун қабул қилиниши билан давлатнинг қиздирилган тамакидан қўшимча акциз солиғини олиш имконияти ҳақида ҳам гапирди.

«Тамакига қарши қонун қабул қилиниши билан давлатнинг қиздирилган тамакидан қўшимча акциз солиғини олиш имкониятини чуқурроқ ўрганиш керак. Маълумки, 2020 йилда Президентимизнинг тегишли қарори чиққан. Солиқ кодексида қиздириладиган тамаки маҳсулотига акциз солиғининг ставкалари белгиланган.

Буни қанчалик кўп ёки қанчалик кам дейишимиз учун биз анализ қилишимиз зарур. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу қўшимча қиймат солиғининг таҳминан 56 фоизини ташкил қилади. Лекин бу камида 70–75 фоизини ташкил қилиши керак. Ҳудди шундай солиштириш учун масалани биз анализ қилишимиз керак», — дейди у.

Янгиликлар