Ўзбекистон Афғонистонга 74 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди

Афғонистонда рўй берган зилзила оқибатида жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон мамлакатга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди.

Таъкидланишича, озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур предметлар ва медикаментлардан иборат жами 74 тонна юк ортилган самолёт Афғонистонга жўнаб кетган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг Кобул, Ғазни, Лўгар, Пактика, Хост ва Лағмон вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси 6,1 балли зилзила содир бўлган. Унинг кучи Ўзбекистонга ҳам сезилган. «Толибон» расмийлари тунда содир бўлган зилзила сўнгги йигирма йил ичида энг ҳалокатлиcи бўлганини айтган. Ҳаракат расмийси зилзила сабаб халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги кучли зилзила қурбонларининг оилала аъзоларига ҳамдардлик билдирган. Ҳукумат табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган.

Ҳолат юзасидан БМТ бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, Афғонистонга зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраган.

«Халқаро ҳамжамиятнинг ушбу табиий офатдан жабр кўрган юзлаб оилаларга ёрдам беришига умид қиламиз. Бирдамлик кўрсатиш вақти келди», — деган Гутерриш.

Шунингдек, у БМТнинг жойлардаги ходимлари вазиятни баҳолаб, муҳтожларга тез ёрдам кўрсатаётганини қўшимча қилган ва қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

Янгиликлар