Самарқандда «Nexia-2» ва «Malibu» тўқнашуви оқибатида 2 нафар ИИБ ходими ва 1 фуқаро вафот этди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 23 июнь куни «Nexia-2» ва «Malibu» тўқнашуви оқибатида 2 нафар ИИБ ходими ва 1 фуқаро вафот этди.

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан 00:30 да «Чароғбон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-377 автомобиль йўлининг 7 километрида Тойлоқ тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лейтенант М.Хурсандов бошқарувида бўлган «Nexia-2» русумли автомашина йўлнинг Ургут йўналиши томон қайрилаётган вақтида, қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган Тойлоқ туманида яшовчи 2003 й.т. фуқаро А.П. бошқарувида бўлган «Malibu» русумли автомашинаси билан тўқнашув содир бўлган.

Оқибатда «Nexia-2» русумли автомашинада бўлган М.Хурсандов, йўловчилари Тойлоқ тумани ИИБ ҲПБ катта профилактика инспектори майор Р.Раззоқов ҳамда Тойлоқ туманида яшовчи 1957 йилда туғилган фуқаро Ш.М.лар олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этганлар.

«Nexia-2» русумли автомашинанинг қолган йўловчилари Тойлоқ туманида яшовчилар 1992 йилда туғилган А.И. ва 1994 йилда туғилган Н.М ҳамда «Malibu» русумли автомашина ҳайдовчиси А.П., йўловчилари Тойлоқ туманида яшовчилар 2005 йилда туғилган А.М. ва 2004 йилда туғилган А.Р.лар тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Янгиликлар