Ўзбекистонда томорқалардан самарали фойдаланиш учун 100 млн доллар ажратилади

Ўзбекистонда томорқалардан самарали фойдаланиш учун 2022 йилда 100 миллион доллар ажратилади.

Маълум бўлишича, йиғилишда Шавкат Мирзиёев томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берган. Унга кўра, 2022 йилда 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун 100 миллион доллар ажратилади. Томорқада деҳқончиликни йўлга қўйиш учун оилавий тадбиркорлик дастури шартлари асосида имтиёзли кредитлар берилади.

Шунингдек, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилиб, уларни жиҳозлашга 30 фоизгача субсидия берилади. Сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларини қисман қоплашга эса 2022 йилда 50 миллиард сўм ажратилади.

Қайд этилишича, йиғилишда аҳоли даромадини ошириш ва бозорлар тўкин-сочинлигини таъминлаш учун ҳар бир хонадонда камида 100 та парранда, 20 та қуён, 5–6 та қўй ва эчки, 5 та асалари уяси боқишни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган. «Ҳоким ёрдамчилари маҳаллада ишларни шундай лойиҳалардан бошлаши керак», — деган Президент.

Янгиликлар