Қашқадарёда ёлланма қотиллар эркакни 44 марта пичоқлаб ўлдирди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида эрини ўлдириш мақсадида қотиллар гуруҳини ёллаган аёл 13 йилдан ортиқроқ муддатга қамалди.

Хабарга кўра, Шакартери қишлоғидаги хонадонларнинг бирида 2021 йилнинг 25 мартидан 26 мартига ўтар кечаси қотиллик содир бўлган. Тергов жараёнида маълум бўлишича, марҳум Ҳ.М. аёлининг У.С. билан ишқий муносабатда бўлганидан хабар топган. Аёл юзага келган оилавий келишмовчилик сабаб уйида сақланаётган пулларни қўлга киритиб, қочиб кетиш режасини тузган. Шундан сўнг у У.С.га ишончли одамларни топиб, босқинчилик қилиш топшириғини берган.

Топшириққа кўра тузилган жиноий гуруҳ пичоқ ва ёғоч бўлаклари билан қуролланиб, 26 март куни марҳумнинг уйига борган. Бу пайтда уйғониб қолган уй эгасини ўлдириб, сейфдаги тахминан 850 миллион сўм пулни олиб, ҳодиса жойидан яширинган. Бундан ташқари, улар марҳумнинг шовқиндан уйғониб кетган ўғлига ҳам тажовуз қилган, аммо йигит улардан қочиб кетган.

«Менга ўша куни тонг саҳар 04:20 да хабар келди. Шу вақт ичида шунчалик тез етиб бордимки, келсам, укам уйда йўқ экан. Ҳамма жой қонга ботган, катта ўғлининг бурни синиб, кўзлари кўкариб, юзига қараб бўлмайдиган ҳолатда ётган экан», — дейди марҳумнинг опаси.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, ўлимга тананинг 44 жойидан пичоқ билан жароҳатлангани сабаб бўлган. Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси қотил ёллаган аёлга Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а», «ж», «и» ва «п» бандлари билан 13 йилу 3 ой, кодекснинг 59-моддасида кўзда тутилган (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ҳолат юзасидан қисман қўшиш йўли билан 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, У.С.га эса Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми «а» банди билан 18 йил, қисман қўшиш билан 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Шунингдек, гуруҳнинг бошқа аъзолари — Б.С.га 21 йилу 6 ой, А.И. ва Ж.Х.га 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

 

Янгиликлар