Тошкент вилоятида 1,5 кг марихуанани сотишга уринган эркак қўлга олинди

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ноқонуний равишда гиёҳвандлик моддасини сотишга уринган эркак қўлга олинди.

Қайд этилишича, 23 ноябрь куни ИИВ Жиноят-қидирув хизмати Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти ИИББ Жиноят-қидирув бўлими тезкор ходимлари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Тадбир давомида Янгийўл тумани «Миришкор» маҳалласида яшовчи 26 ёшли А.Х. ушбу туманнинг «Халқабод» маҳалласи ҳудудида махсус харидорга вазни тахминан 1,5 килограмм марихуана гиёҳвандлик воситасини 5 минг доллар эвазига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро А.Х. га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.