Тошкентда Сурияга кетмоқчи бўлган 18 ёшли қиз қўлга олинди

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида Сурияга кетмоқчи бўлган 18 ёшли қиз 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қайд этилишича, Юнусобод туманида яшовчи 2004 йилда туғилган қиз ижтимоий тармоқлар орқали террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган «Абдуллоҳ Зуфар», «Абдуллох Бухорий», «Содиқ Самарқандий» ва бошқаларнинг маърузаларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолган.

У ноқонуний ташкилотларнинг аъзолари билан мулоқотга киришган ва Сурияга бориб, у ердаги «Ислом давлати» террористик ташкилоти сафига қўшилишни мақсад қилган. Бунинг учун ота-онасидан билдирмасдан хорижга чиқиш паспортини расмийлаштирган.

Қиз 2022 йилнинг март ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, қизнинг уяли телефони хотирасидаги материаллар орасида «Тавҳид ва жиҳод катибаси», «Ислом жиҳоди иттиҳоди» террористик ташкилотларига тегишли ҳамда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумотлар мавжудлиги аниқланган. Уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ёхуд намойиш этиш тақиқланган.

Суд ҳукмига кўра, мазкур фуқаро Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Янгиликлар