Тошкентда фуқароларни Умрага ноқонуний юбориш билан шуғулланган МЧЖ фош этилди

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият фуқароларни Умра сафарига ноқонуний юбораётгани аниқланди.

Маълум бўлишича, МЧЖ ходими Х.А. Наманган вилоятида яшовчи икки фуқаронинг ишончига кирган ҳолда уларни 6200 доллар эвазига Умра сафарига жўнатишни ваъда қилиб, олдиндан 3100 доллар олган вақтида ушланган.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, МЧЖ офиси ва ходимларининг автомашиналари текширилганда, жами 116 нафар фуқаронинг хорижга чиқиш паспортлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, 66 нафар фуқарони Умра сафарига юбориш мақсадида улардан жами 162 минг АҚШ доллари олинганлиги ҳам маълум бўлган. МЧЖ ўз мижозларини Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони Қироллиги ўртасидаги давлат чегарасидан ўтказишда Марказий Осиё республикаларининг сохта фуқаролик паспортларидан фойдаланиш механизмини йўлга қўйган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар