Ўзбекистонда авиаспоттингга рухсат берилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 январдаги «Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 43-сон қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистоннинг ижобий имижи, туристик салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш, мамлакат аэропортлари ва авиакомпанияларини дунё жамоатчилигига танитиш мақсадида қабул қилинди.

2022 йил 1 майдан бошлаб:

авиаспоттингга рухсат берилди — белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олиш амалга оширилади;

маҳаллий ва хорижий ҳаваскорлар ҳамда профессионал авиаспоттерлар учун ҳар чораклик мавсумий танловлар ўтказилади.

Шунингдек, республикадаги барча халқаро аэропортлар ҳудудида уларнинг бошқарув шаклидан қатъи назар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда парвозлар хавфсизлиги талаблари, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсиялари ва илғор хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда, авиаспоттинг машғулотлари учун ихтисослаштирилган жойлар (кейинги ўринларда — кузатиш майдончалари) босқичма-босқич ажратилади.

Халқаро аэропортлар ҳудудида кузатиш майдончаларини ташкил қилиш ва жиҳозлаш ишлари аэропортларнинг ўз молиявий ресурслари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар, уларга туташ ҳудудларда эса – хусусий сектор жалб қилинган ҳолда маҳаллий бюджетлар маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.01.2022 йилдан кучга кирди.