Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Афғонистон бўйича келишувга эришди

Ҳиндистон – Марказий Осиё” онлайн саммити давомида иштирокчилар Афғонистондаги вазият бўйича қўшма гуруҳ тузишга келишиб олди. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ринат Сандху маълум қилди.

Дипломатнинг айтишича, музокара иштирокчилари Афғонистон бўйича яқин маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олган. Унга кўра, саммит якунлари бўйича ўтказилган брифингда юқори мартабали амалдорлар даражасида ишчи гуруҳ тузилиши таъкидланган.

Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ниятида, дейилади «Ҳиндистон – Марказий Осиё» онлайн саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма Деҳли декларациясида.

«Раҳбарлар Афғонистондаги мавжуд вазият ва унинг минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка таъсирини муҳокама қилди. Улар Афғонистоннинг тинч, хавфсиз ва барқарор бўлишини қатъий қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқлади, шу билан бирга, суверенитет, бирлик ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш ҳамда унинг ички ишларига аралашмасликни таъкидлади. Шунингдек, улар давом этаётган гуманитар вазиятни муҳокама қилди ва Афғонистон халқига фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттиришга қарор қилди», дейилади декларацияда.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2593-сонли резолюцияси муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаган, бу резолюция Афғонистон ҳудудидан бошпана, тайёргарлик, террорчилик ҳаракатларини режалаштириш ёки молиялаштириш учун фойдаланилмаслигини сўзсиз талаб қилади ҳамда барча террористик гуруҳларга қарши биргаликда ҳаракат қилишга чақиради.

Янгиликлар