Ўзбекистонда тотализаторни реклама қилувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилди

Ўзбекистонда тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи бир қатор сайтларга кириш чеклаб қўйилди.

Маълум бўлишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ноқонуний бўлган тотализатор ва букмекерлик фаолияти бўйича ўтказилган 1105 та ўрганишда 102 та ҳолатда ана шундай хизматлар рекламаси аниқланган ва уларнинг барчаси бартараф этилган.

«Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда 30 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилди. Бу соҳадаги ишлар давом этмоқда», — деди агентлик ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева.

Шунингдек, моддий маданий мероснинг 386 та кўчмас мулк объектларида ташқи рекламани жойлаштириш бўйича ўрганишлар олиб борилган. Натижада 25 дан ортиқ ҳолатда рухсатсиз реклама жойлаштирилгани аниқланган ва уларга нисбатан тегишли чора кўрилган.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар (БАД) ва бошқа (оздирувчи, семиртирувчи) препаратларга оид рекламалардан 95 тасида камчилик аниқланган ва бартараф этилган. Шу билан бирга, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига 146 миллион сўм миқдорида етказилган зиён тўлиқ қоплаб берилган.