Ўзбекистонда «тонировка»нинг арзонлаштирилган нархлари эълон қилинди

Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни ўтказилаётган видеоселекторда «тонировка» масаласида ҳамма кутган қарорни имзолаганди. Президент матбуот котиби хабарига кўра, унинг нархлари маълум қилинди.

Президент таъкидлаганидек, 1 июлдан бошлаб:

  • автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади, яъни бепул бўлади (илгари 1,5 миллион сўм эди);
  • олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади (2,5 миллион сўм бўлади, илгари 15 миллион сўм эди);
  • ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади.

Энди 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар икки йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

«Бу — ҳали бошланиши. Мен Президент маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга топшириқ берганман. Одамларимизни қийнаётган, аҳамиятини йўқотган тартиб ва чекловларни бекор қилиш бўйича ишчи гуруҳ барча йўналишларда мунтазам ишлаяпти. Жойлардан тушган асосланган таклифлар ва ечимлар бўйича доимий тарзда халқимизнинг фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб борилади», — деди Президент йиғилиш якунида.

Янгиликлар