Чортоқ туманини ривожлантириш учун Жаҳон банки томонидан 40 млн долларлик лойиҳа амалга оширилади

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Жаҳон банкининг ўрта тоифадаги шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури доирасида Чортоқ туманида амалга ошириладиган ишлар бўйича лойиҳа координаторлари билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, Жаҳон банкининг ўрта тоифадаги шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури асосида Чортоқ туманида 40 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида Чортоқ шаҳрига Арбағиш қишлоғидан 29 километр масофадан 700 диаметрлик қувурларда тоза ичимлик суви тортилади. Чортоқ шаҳридаги мавжуд 58 километрли тоза ичимлик суви тармоғи янгиланади.

Шунингдек, Чортоқ сув омборидан то Чортоқ бозорига қадар бўлган 11 километрлик масофада пиёдалар, велосипед ва отда юриш йўлакчалари ташкил этилади. Чортоқ бозори реконструкция қилинади ва янги қуриладиган бино туризм йўналишига мослаштирилади.

Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Лойиҳадаги ишларни жадаллаштириш учун Жаҳон банки вакилларини вилоятимизга таклиф этамиз. Хусусан, Жаҳон банкининг туризм бўйича маслаҳатчиси Розанна Нитти хоним билан мулоқотлардан кўп нарса кутяпмиз. Бу мулоқотлар натижасида лойиҳа билан боғлиқ кўплаб масалаларга ойдинлик киритилади, ҳамкорлигимиз узвий давом этади, деган умиддаман», — деди вилоят ҳокими.

Аввалроқ Чортоқ шаҳрига 700 диаметрлик қувурларда тоза ичимлик суви тортилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманган шаҳрида январь—сентябрь ойларида салкам 906 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар