Ўзбекистонда ўқотар бўлмаган қуролга ноқонуний эгалик қилганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Олий Мажлис Сенатининг 28 апрель куни ўтказилган йигирма бешинчи ялпи мажлисида «Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, амалдаги «Қурол тўғрисида»ги қонун билан ўқотар қуролдан ташқари пневматик, газли, сигнал берувчи, тиғли, улоқтириш қуроли ва электрошок қурилмаларига эгалик қилишга рухсат берилган. Бироқ ўқотар бўлмаган юқорида кўрсатилган қуролларга ноқонуний эгалик қилиш учун эса қонунчиликда жавобгарлик мавжуд эмас.

Таъкидланишича, ўқотар бўлмаган қуролга ноқонуний эгалик қилиш, яъни уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш, таълим муассасаларига олиб бориш ва ҳоказо ҳолатларда қурол эгаси ундан турли жиноий мақсадларда фойдаланмаслигига «кафолат» йўқ. Шу боис, бугун муҳокама қилинаётган Қонун билан амалдаги 2 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, ўқотар бўлмаган қурол билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликлар назарда тутилмоқда. Шунингдек, фуқароларининг фуқаровий ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ёш цензи йигирма беш ёш этиб белгиланмоқда (амалдаги қонунчиликда йигирма бир ёш). Бундан ташқари, фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этилишини тақиқлаш назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

Янгиликлар