Тўқаев Назарбоев кунини давлат байрами мақомидан маҳрум қилди

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 29 сентябрь куни мамлакатнинг «Биринчи Президенти куни»ни давлат байрамлари рўйхатидан чиқариб ташлаш ҳақидаги қонунни имзолади.

«Давлат раҳбари «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кинематография, маданият ва байрамлар масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади», дейилади хабарда.

Маъқулланган тузатишлар билан 1 декабрга тўғри келадиган«Биринчи Президент куни» давлат байрамлари рўйхатидан чиқарилди.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиб, 25 октябрь – Республика куни миллий байрам, 16 декабрь – Мустақиллик куни давлат байрами сифатида белгиланди. Бунгача мустақиллик куни миллий байрам мақомида бўлган.

Қайд этиш керакки, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев лавозимидан кетганидан 3 йил ўтиб, унга оид бир қанча қарор ва қонунлар бекор қилинди. Хусусан, унинг номи берилган пойтахт Нур-Султон шаҳрига ҳам Остона номи қайтарилди. Назарбоевдан Элбоши рутбаси ва қатор имтиёзлар олиб қўйилди.

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда 1 декабрь Биринчи Президент куни сифатида нишонланиб келинган. Бу ҳақдаги қарор  2011 йилда қабул қилинган ва биринчи марта 2012 йилнинг 1 декабрида нишонланган. Бу куннинг санаси тасодифан танланмаган. 1991 йил 1 декабрда Нурсултон Назарбоев биринчи халқ сайловларида Қозоғистон Президенти этиб сайланган.