Аргентинада аҳолини Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмлаш бошланди

Аргентинада 29 декабрь, сешанба кунидан бошлаб Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан коронавирусга қарши эмлаш бошланди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Keystone Press Agency»

Маълумотларга кўра, Буэнос-Айрес провинцияси губернатори Аксел Квизилоф, вилоят соғлиқни сақлаш вазири Николас Креплак ва ҳамширалар биринчилардан бўлиб вакцинани қабул қилган. Таъкидланишича, эмлашлар мамлакатнинг барча — тўққиз вилоятида бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Биринчи босқичда, асосан, шифокорлар эмланади.

Россия ва Аргентина ўртасида «Спутник V» вакцинасининг 10 миллион дозасини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Биринчи 300 минг доза 24 декабрда етказиб берилган.

Биринчи партиядан олинган дозаларнинг асосий қисми — 123 минг доза Буэнос-Айрес провинцияси томонидан қабул қилинган.

Маълумот учун, Аргентинада 29 декабрь ҳолатига кўра, 1 590 513 киши вирус билан касалланган. Мамлакатдаги умумий ўлимлар сони 42 868 тани ташкил этади. Айни вақтгача коронавирусдан тузалганлар 1 414 680 кишига етган. 132 965 киши COVID-19 билан курашмоқда.

Аввалроқ Буюк Британияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, европаликлар коронавирусга қарши эмланишдан қўрқаётгани маълум қилинган.