Юнусободдаги метро қурилишида 6 кишининг ўлимига сабаб бўлган авария бўйича тергов маълумотлари эълон қилинди

Тошкент метрополитенининг Юнусобод линиясида 2019 йилнинг 18 декабрь куни соат 10:20 да қурилаётган янги бекат ҳудудида қазилган котлован ён томони ўпирилиши содир бўлган эди. «Ўзбекистон темир йўллари» қурилишда 6 кишининг ўлимига сабаб бўлган авария бўйича тергов тафсилотлари эълон қилди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати

Хабарга кўра, ушбу ҳолат ҳолат тинимсиз ёғингарчиликлар сабабли содир бўлган. Гидрометеорология марказининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида соат 07:40дан 15:50гача ёғингарчилик миқдори 12 миллиметрни ташкил этган, бу кўрсатгич шаҳарнинг қолган ҳудудларига нисбатан кўпроқ бўлган.

Анмқланишича, воқеа натижасида қулаб тушган тупроқ массаси «Ўзбекистон темир йўллари» Бухоро минтақавий темир йўл узели Самарқанд йўли масофасининг бир нафар ходимини ва «Sbk Universal Construction group» субпудратчи томонидан қурилиш ишларига жалб этилган 5 нафар ишчини босиб қолган.

Тергов давомида ушбу ҳолат юзасидан бир неча мансабдорларга чора кўрилди. Жумладан, Қурилиш ишларининг бажарилиши устидан назоратни сусайтиргани учун ва бўйсунувчи корхоналарда ўлим билан якунланган гуруҳли бахтсиз ҳодисани келтириб чиқаргани учун Қудрат Исаев, «Кўприкқурилиш» трестининг менежери, «Ўзбекистон темир йўллари»нинг 2020 йил 22 январдаги №НОК–54-сонли буйруғи билан, Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ, лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 257-модданинг 2-қисмининг «а» банди ва 258-моддасининг 2-қисмининг «а» бандига биноан жиноий иш қўзғатилган. Текширув давомида, «Ўзбекистон темир йўллари»нинг «Кўприкқурилиш» трести 67-сонли кўприк қурилиш экипажи бошлиғининг ўринбосари (қурилиш учун масъул) Отабек Алимов, отряд бошлиғи Саидбек Бобожонов, қурилиш ишлари бўйича отряд бригадаси Салоҳиддин Ашуров, «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг Метрополитен линияларини қуриш дирекцияси ишлаб чиқариш бўлимининг қурилиш-монтаж ишларида катта инспектори Баҳодир Мухамедраҳимовлар 257-модданинг 2-қисми «а» ва «б» бандларида, 258-модданинг 2-қисм алоҳида инобатга олинган белгилар мавжудлиги аниқланди.

Аммо улар илгари судланмаганлиги, марҳумларнинг оила аъзолари томонидан эътирозлар мавжуд эмаслиги шунингдек, ижобий тавсифномаси инобатга олиниб, юқорида қайд этилган шахсларга нисбатан жиноий иш тўхтатилди.

Таъкидланишича, 2019 йилнинг 19 декабрдаги қидирув-қутқарув ишлари натижасида юқорида қайд этилган барча ишчиларнинг жасадлари топилган ва улар ўзлари рўйхатдан ўтган манзилларига етказилган. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарияти ва маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қурбонларнинг оилаларига ёрдам кўрсатилган. Жумладан, дафн маросимларини ташкил қилишда ҳам. «Ўзбекистон темир йўллари»  ва «Sbk Universal Construction group» корхонаси раҳбарияти томонидан қурбонларнинг оилаларига бирламчи товон пули сифатида 100 миллион сўмдан тўлаб берилди.

Ҳукумат комиссиясининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан «Sbk Universal Construction group» корхонасининг вафот этган 5 нафар ходимига 261 миллион 938,8 минг сўмлик, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» Бухоро минтақавий темир йўл узели Самарқанд йўли масофасининг вафот этган ходимининг оиласига 281 миллион 62,8 минг сўмлик бир марталик товон пули тўлаш тўғрисида хулоса чиқарди.

Қайд этилишича, уларнинг оила аъзоларига ҳар ойда қуйидаги миқдорларда ойлик компенсациялар тўлаб борилмоқда:

  • вафот этган Анвар Дияровнинг турмуш ўртоғи, бир ўғли ва икки қизига – 727,6 минг сўмдан;
  • вафот этган Даврон Абдуллаевнинг пенционер онасига – 1212,68 минг сўмдан ортиқ;
  • вафот этган Ойбек Абдуллаевнинг пенционер ота ва онасига, шунингдек ўғли ва қизига — 606,34 минг сўмдан;
  • вафот этган Жонибек Равшановнинг пенционер отаси ва онаси, қизи ҳамда турмуш ўртоғига –519,72 минг сўмдан;
  • вафот этган Зариф Каримовнинг уч қизи, бир ўғли ва турмуш ўртоғига – 650,6 минг сўмдан.

Бундан ташқари, хабарда товон пуллари болалар учун 16 ёшгача ва қурбонларнинг турмуш ўртоқларига уларнинг энг кичкина болалари 3 ёшга тўлгунига қадар тўланиши айтилган. Ота-оналарига эса умрининг охиригача тўланади. Вафот этган Рахматов Ихтиёрнинг 4 кишидан иборат оиласида меҳнатга лаёқатли бўлмаганлар аниқланмаган ва оила аъзоларига компенсация тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан тўланмайди.

Маълумот ўрнида, Юнусобод йўналишининг янги бекатларида қурилиш ишлари 2020 йил июль ойида якунланиб, 2020 йилнинг август ойи охирида фойдаланишга топширилган. Ушбу йўналиш фойдаланишга топширилган кундан бошлаб ҳеч қандай камчиликлар аниқланмаган.