Козимжон Комилов ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, меҳмонларга Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган  ислоҳотлар, бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди.

Таъкидланишича, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади суд ҳокимиятининг мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.

Шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни таъминлаш мақсадида Олий судда маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ҳудудларда маъмурий судлар ташкил этилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасида маъмурий судлар томонидан ҳал этиладиган ишлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра сайлов комиссияларининг ҳатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳам таалуқлилиги бўйича маъмурий судлар судловига берилгани ҳам таъкидланди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Европада ҳавфсизлик ташкилоти ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани таъкидланиб, олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик келгусида ҳам самарали натижаларни кўрсатишга ишонч билдирилди.

Янгиликлар