Тошкент вилоятида 144 минг долларга ер сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент вилоятида 144 минг АҚШ доллари эвазига, Самарқанд вилоятида 15 минг АҚШ долларига ер сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги департаментнинг бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Р.Х. Юқори Чирчиқ тумани «Бирлик» маҳалласидаги «Р.Т.» МЧЖга қарашли 7,8 гектар ер майдонини фуқаро М.Х.га 144 000 АҚШ долларига сотишга келишган. У гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ер майдонининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 10 000 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Департамент ҳамда Самарқанд вилояти ДХХ бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро К.Ф. ўғли Ш.Ф.нинг Самарқанд туманидаги «Қ.М.» фермер хўжалигининг 15 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан фуқаро Х.Ф.га ҳар бир гектарини 1 000 АҚШ долларидан ҳисоблаб сотишга келишиб, 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар