Самарқандда 4 млрд сўмдан ортиқ ноқонуний қум-шағал аралашмаси қазиб олингани фош бўлди
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди

Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида қум-шағал аралашмасини ноқонуний равишда қазиб олиш фактига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.
Навбатдаги рейд тадбири «Ўзбеккенти» маҳалласи ҳудудида ўтказилди. Текширув давомида давлат рақам белгиларисиз экскаватордан фойдаланган ҳолда Қорадарё дарёси ўзанидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олаётган бир гуруҳ шахслар аниқланди. Қазиб олинган материал HOWO русумли юк автомобилига ортилаётгани маълум бўлди.
Хусусан, ноқонуний қазиб олинган материални олиб чиқишга уриниш вақтида Экополиция ходимлари мазкур транспорт воситасини тўхтатади. Қум-шағал аралашмаси ортилган юк автомобили белгиланган тартибда вақтинчалик сақлаш майдончасига жойлаштирилади.
Ҳуқуқбузарлик натижасида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси, «Ер қаъри тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси талаблари бузилгани қайд этилди. Натижада табиатга 4 миллиард 764 миллион 576 минг сўм миқдорида зарар етказилди.
Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.





